Ариза юбориш

Microsoft Copilot дастурини тасодифан ўчириб юборди

18.03.2025
306
Microsoft Copilot дастурини тасодифан ўчириб юборди

Windows 11 операцион тизимининг таркибий қисми бўлган Copilot дастури 11 март куни чиқарилган сўнгги ойлик янгиланишини ўрнатиш пайтида компьютерлардан “беихтиёр ўчирилмоқда”, дейилади RepublicAi'да. Маълум қилинишича, янгиланишлар пакетини ўрнатиш натижасида Copilot дастурини ишга тушириш ёрлиғи вазифалар панелидан олиб ташланади ва дастурнинг ўзи ўчирилади.

Microsoft Windows 11’нинг март ойидаги янгиланишига берган изоҳида “Биз баъзи қурилмаларга таъсир кўрсатган Microsoft Copilot дастуридаги муаммодан хабардормиз”, деди ва муаммони ҳал қилиш устида ишлаётганини, унга дуч келган фойдаланувчилар эса Microsoft Store’дан Copilot дастурини қайта ўрнатишлари ва уни вазифалар панелига “қўлда маҳкамлашлари” мумкинлигини қўшимча қилди.

Copilot сунъий интеллект ёрдамчисига қизиқмаган баъзи Windows 11 фойдаланувчилари ушбу янгиланиш хатосида ўзларига маъқул жиҳатларни топдилар. Сўнгги бир йил давомида Microsoft Windows учун сунъий интеллект ёрдамчиси мижозини бир неча бор такомиллаштирди. Дастлаб веб-илова ўрнига дастур ишлаб чиқилди, энди эса унда “Alt+пробел” тугмалар бирикмаси ёрдамида овозли функцияларни тезкор чақириш имконияти пайдо бўлди.

Microsoft, шунингдек, 4 апрель куни компаниянинг 50 йиллигига бағишланган махсус тадбирда тақдим этишни режалаштираётган Copilot’нинг қўшимча янгиланишлари устида ҳам ишламоқда. Тадбирда Microsoft AI бош директори Мустафа Сулаймон ақлли ёрдамчининг янги функциялари ҳақида маълумот беради. Миш-мишларга кўра, компания OpenAI билан рақобатлашиш учун ўзининг мулоҳаза юритувчи сунъий интеллект моделларини ишлаб чиқмоқда.

Тавсия