Ариза юбориш

Тожикистон билан рақамлаштириш соҳасидаги янги ҳамкорликнинг янги босқичи

20.10.2025
181

Бугунги кунда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш ва замонавий технологиялар асосида давлат хизматларини такомиллаштириш минтақадаги барча давлатлар учун устувор йўналишлардан бири ҳисобланади. Шу маънода Тожикистон ва Ўзбекистон рақамлаштириш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида аҳамият бермоқда. Бу ҳамкорлик босқичма-босқич барқарор ва самарали тус олмоқда.

Томонларнинг қўшма ташаббуслари давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш, ахборот хавфсизлигини мустаҳкамлаш ҳамда фуқаролар учун замонавий электрон хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган. Мазкур ташаббусларни амалга ошириш ўзаро ишончни мустаҳкамлашга ва минтақада ягона рақамли маконни шакллантириш учун қулай шарт-шароит яратишга хизмат қилади.

Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган “Dushanbe Invest–2025” халқаро форуми доирасида Тожикистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Инновациялар ва рақамли технологиялар агентлиги қошидаги “Электрон имзолаш марказлари, давлат хизматлари ва рақамли дастурларни ишлаб чиқиш” очиқ акциядорлик жамияти ҳамда Ўзбекистон Республикасининг “UNICON SOFT” МЧЖ ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги келишув имзоланди.

Ҳужжатда қуйидаги йўналишлар бўйича ҳамкорликни амалга ошириш назарда тутилган:
– электрон ҳужжат айланиш тизимларини ривожлантириш ва жорий этиш;
– Тожикистон Республикаси давлат органлари топшириқларининг бажарилиш самарадорлигини оширишга қаратилган ахборот ечимларини ишлаб чиқиш;
– Тожикистондаги давлат тузилмаларининг ҳужжатлар билан ишлаш жараёнларини босқичма-босқич рақамли форматга ўтказиш.

Мазкур келишув Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида рақамли трансформация соҳасидаги стратегик шерикликни янги босқичга олиб чиқиб, янги лойиҳалар ва қўшма ташаббуслар учун янги имкониятлар эшигини очиши шубҳасиз.

Тавсия