Ариза юбориш

Сунъий интеллект учун жавобгарлик бўлиши керакми?

06.03.2025
458
Сунъий интеллект учун жавобгарлик бўлиши керакми?

Сунъий интеллект учун жавобгарлик қоидаларининг йўқолиши қурбонларнинг зарарни қоплай олмаслигини англатадими?

Европа Иттифоқи дунёда биринчи бўлиб сунъий интеллектни тартибга солиш учун AI Act номли қонунчиликни ишлаб чиқди. Аммо энди сунъий интеллект учун жавобгарлик ҳақидаги таклиф этилган директивани бекор қилиб, бу технологиядан жабр кўрганларни самарали ҳимоя қилишдан воз кечаётганга ўхшайди.

2024 йил август ойида Европа Иттифоқида сунъий интеллект тўғрисидаги қонун кучга кирди. У сунъий интеллект тизимлари учун тўртта хавф даражасини белгилайди: мақбул бўлмаган, юқори, чекланган ва минимал. Саккиз турдаги амалиёт хулқ-атвор ёки шахсий фазилатлар асосида мақбул бўлмаган деб тақиқланган ва бу тақиқлар шу ойдан бошлаб кучга кирди.

Сунъий интеллектни қўллаш натижасида соғлиқ, хавфсизлик ва асосий инсон ҳуқуқлари учун бошқа потенциал хавфлар ҳам мавжуд. Ташаббус Европа Иттифоқига аъзо мамлакатларда компенсация олувчилар учун ягона ҳуқуқий ёндашувни яратишга қаратилган эди. Аммо аниқ кўрсатма жиддий хавф остида қолмоқда.

“Бир неча ҳафта олдин Европа комиссияси 2025 йилга мўлжалланган иш дастурини эълон қилди ва директива бекор қилиниши керак бўлганлар рўйхатига киритилди. Уларнинг фикрича, ташаббус етарлича олдинга силжимаган ва яқин ойларда ҳам силжимайди”, - дея тушунтиради технологик сиёсат бўйича эксперт Синтия Кроэт.

Гарчи баъзилар истеъмолчилар ҳали ҳам маҳсулот сифати учун жавобгарлик тўғрисидаги кўрсатмага таяна олишларини таъкидласа-да, “катта фарқ бор, чунки бу кўрсатма фақат нуқсонли маҳсулотлар ва моддий зарарларга тааллуқлидир. Сунъий интеллект учун жавобгарлик эса, масалан, алгоритм томонидан йўл қўйилган хатоларга нисбатан қўлланилади, бу эса сунъий интеллект тизими ишининг камситувчи натижаларига олиб келиши мумкин”, - дейди Кроэт.

Мадрид ва Будапештда Euronews билан суҳбатлашган фуқаролар уларга ҳуқуқий ҳимоя тақдим этилишини кутаётганга ўхшайди. “Менимча, бу ниҳоятда қизиқарли технология, лекин тўғри тартибга солинмаса, жуда хавфли бўлиши мумкин”, - деди сўралганлардан бири.

“Биз, масалан, ёш боланинг сунъий интеллект ёрдамида бошқа бировга зарар етказиши ёки уни таъқиб қилишини тақиқловчи қонуний қарорлар қабул қилишимиз шарт”, - дея таклиф киритди Будапешт аҳолисидан бири.

Ҳаддан ташқари тартибга солиш рақобатбардошликка таъсир қиладими?

Сунъий интеллект учун жавобгарлик тўғрисидаги директивадан воз кечиш Европа Комиссиясининг ҳаддан ташқари қаттиқ тартибга солиш соҳанинг рақобатбардошлигига зарар етказади, деган танқидчиларга қулоқ солаётганининг белгиси бўлиши мумкин.

Ушбу муаммони ҳал қилиш учун Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляен февраль ойи бошида Парижда бўлиб ўтган AI Global саммитида янги жамғарма ташкил этилишини эълон қилди. InvestAI деб номланган лойиҳа Европа Иттифоқидаги тўртта бўлажак сунъий интеллект гигафабрикаларини молиялаштириш учун 200 миллиард евро маблағни сафарбар қилишни назарда тутади. Шунингдек, компанияларга ўзларининг сунъий интеллект моделларини синовдан ўтказиш имконини берадиган ўнлаб кичик қурилмаларни яратиш режалаштирилмоқда.

Европарламентининг италиялик сўл марказчи вакили Брандо Бенифей кўрсатманинг бекор қилиниши “ҳуқуқий ноаниқликни келтириб чиқарадиган ачинарли қарор” эканини айтди. Сунъий интеллект қонуни маърузачиси рақобатбардошликка зарар етказувчи омиллар рўйхатига тартибга солишни киритмайди.

“Бизда рақамли секторга сармоя киритиш учун капиталга кириш имконияти камроқ. Бизга кўпроқ ҳисоблаш инфратузилмаси, кейин эса соддалаштирилган ва тушунарли қоидалар керак. Аммо биз фуқароларимиз, корхоналаримиз, давлат идораларимиз, демократиямизни камситиш, дезинформация, сунъий интеллектдан нотўғри фойдаланиш хавфидан ҳимоя қилишдан воз кеча олмаймиз”, - деди у Euronews’га берган интервьюсида.

Еврокомиссия ечим топишга тайёр бўлса-да, қонун чиқарувчи жавобгарлик тўғрисидаги махсус кўрсатма энг яхши “олдинга йўл” бўлади деб ҳисоблайди ва уни “умумий минимал стандартни яратиши мумкин бўлган жуда қаттиқ бўлмаган қонунчилик” деб таърифлайди.

Бенифейнинг айтишича, Европа Иттифоқига аъзо баъзи мамлакатлар бу “тавсиялар”га эътибор бермайди ва маҳсулот сифати учун жавобгарлик тўғрисидаги қонунчиликни ўзгартириш қийин бўлиши мумкин.

Сунъий интеллект тўғрисидаги қонун 2027 йилга келиб тўлиқ кучга киради ва ҳозирча Европа Иттифоқи инновациялар пойгасида олд қаторларда бўлишга интилмоқда. Аммо у сунъий интеллектда етакчиликка интилиш ва фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ўртасидаги мувозанатни топа оладими?

Бу нафақат ЕвроИттифоқни, балки инсониятни ўйлантириши керак бўлган масала...

Тавсия