Шу кунларда Самарқанд вилояти бўйлаб “Рақамли маҳалла” платформаси тақдимоти давом этмоқда. Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси раиси Қаҳрамон Қуронбоев ҳамда Unicon-Soft компанияси вакиллари вилоятнинг шаҳар ва туманларидаги маҳалла еттилиги билан учрашиб, уларга mahalla.ijro.uz, яъни “Рақамли маҳалла” платформасининг имкониятлари, қулайликлари ҳақида атрофлича маълумот беришмоқда.
Учрашувлар давомида:
🔹 Платформанинг маҳалла еттилиги фаолиятини енгиллаштирувчи қулайликлари таништирилмоқда;
🔹 маҳалла раислари ва бошқа масъуллар томонидан берилган саволларга асослантирилган жавоблар қайтарилмоқда;
🔹 платформадан фойдаланишда юзага келаётган тушунмовчиликларнинг амалий ечимлари кўрсатиб берилмоқда.
Самарқанд шаҳар ҳокими Фазлиддин Умаров Unicon-Soft компанияси вакиллари билан учрашувда шаҳар ҳудудидаги 215 та маҳалла фуқаролар йиғинида “Рақамли маҳалла” платформасини босқичма-босқич жорий этиш бўйича аниқ режа-жадвал ишлаб чиқилиши, Unicon-Soft компанияси билан ҳамкорликда ҳар бир маҳаллада платформа фаол ишлаши ва самарали фойдаланилиши учун маҳалла раислари ҳамда “еттилик” аъзоларига махсус ўқув машғулотлари ташкил этилишини маълум қилди.
Шунингдек, платформадан нотўғри фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш ва маълумотларни таҳрир қилиш юзасидан Unicon-Soft мутахассислари билан ҳамкорликда иш олиб борилиши, мазкур жараённи самарали ташкил этиш мақсадида Самарқанд шаҳар ҳокимлиги томонидан қўшимча 10 нафар мутахассис ажратилишига келишиб олинди.
Таъкидланишича, улар учун “Рақамли маҳалла” платформасидан фойдаланиш бўйича махсус ўқув дастури асосида амалий машғулотлар ташкил этилади. Келгусида ушбу мутахассислар тизимдан фойдаланиш ҳолатини назорат қилиш, маҳаллаларда платформанинг кенг татбиқ этилишини таъминлаш, ҳамда фуқаролар орасида рақамли ёндашувни фаол тарғиб қилиш ишларида иштирок этади.
Бу каби учрашувлар вилоятнинг бошқа шаҳар ва туманларида ҳам давом эттирилади.