Другие новости
-
“Unicon Soft” МЧЖ 2022 йилда энг яхши кўрсатгич кўрсатган ходимларни табриклаб алоҳида эьтироф этди.
17 января 2023 -
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 31 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан байрам табриги
17 января 2023

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 31 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан байрам табриги
Ҳурматли аскар ва сержантлар, офицер ва генераллар!
Қуролли Кучларимиз хизматчилари ва фахрийлари!
Қадрли юртдошлар!
Сизларни, сизлар орқали кўпмиллатли бутун халқимизни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 31 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни билан самимий муборакбод этаман.
Ушбу қувончли айёмда ўз ҳаётини она юрт ҳимоясидек улуғ ишга бағишлаган сиз, азизларга ўзимнинг юксак ҳурмат ва эҳтиромимни билдираман.
Ҳеч шубҳасиз, мард ва олижаноб халқимиз ўзининг муқаддас қасамёдига ҳамиша содиқ бўлиб, хизмат бурчини ерда ҳам, кўкда ҳам шараф билан адо этаётган сизлар каби забардаст фарзандлари – баҳодир ва довюрак ҳарбийларимиз билан ҳақли равишда фахрланади.
Муҳтарам дўстлар!
Сўнгги йилларда мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида миллий армиямизнинг қиёфаси ва салоҳияти тубдан ўзгарди.
Бугунги кунда Ўзбекистон Қуролли Кучлари мамлакатимиз хавфсизлиги ва барқарорлигини, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлашга қодир бўлган, ҳаракатчан ва пухта қуролланган қудратли кучга айланди, деб айтишга барча асосларимиз бор.Қадрли юртдошлар!
Бугунги кунда бутун жаҳонда, жумладан, бизнинг минтақамизда, бевосита чегараларимиз яқинида турли таҳдид ва хатарлар тобора кучайиб бормоқда.
Дунёда рўй бераётган гибрид характердаги қуролли тўқнашувлар таҳлили биздан Қуролли Кучларимизнинг жанговар ҳаракатлар жараёнида илгари амалда қўлланилмаган қуроллардан фойдаланадиган кучларга қарши кураша олиш қобилиятини оширишни тақозо этмоқда.
Бундай шароитда, аввало, жанговар ҳаракатларнинг самарали шакл ва усулларини тадқиқ ва татбиқ этиш, Қуролли Кучларнинг ягона автоматлаштирилган бошқарув тизимини яратиш ва ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш борасидаги ишларни жадаллаштиришимиз лозим.
Мамлакатимиз ҳудудларининг оператив жиҳозланишини таъминлаш, ҳудудий мудофаа ва фуқаро муҳофазаси тизимини такомиллаштириш ҳамда давлат органлари барча субъектларининг фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш бўйича тайёргарлик даражасини кучайтириш муҳим вазифадир.
Мудофаа саноатини тизимли ривожлантириш, учувчисиз учиш аппаратлари, зирҳли автомашиналар комплексини такомиллаштириш ишлари ҳам фаолиятимизнинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.
Бундан ташқари, қуйи поғоналардаги бўлинмаларнинг ахборот-психологик таъсирларга бардош бера олиш қобилиятини оширишга қаратилган тайёргарлик ишларини доимий йўлга қўйиш зарур.
Маълумки, биз 2023 йилни мамлакатимизда “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб эълон қилдик.
Шу мақсадда ҳарбий қисмларда шахсий таркибнинг жанговар тайёргарлигини, билим ва малакаси, дунёқарашини юксалтириш, уларнинг касбий ва маданий қизиқишларини қўллаб-қувватлаш масалаларига муҳим аҳамият берилади.
Ҳарбий хизматчилар ва соҳа фахрийларини, уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, моддий ва тиббий таъминотини яхшилаш, ҳудудларимизда ҳарбийлар учун узоқ муддатли, имтиёзли кредитлар асосида кўп қаватли уй-жойлар барпо этиш бундан буён ҳам олдимиздаги муҳим ва устувор йўналишлардан бири бўлиб қолади.
Бугунги қутлуғ айёмда бир фикрни алоҳида таъкидлаб айтмоқчиман: ҳарбий-жанговар салоҳият ва юксак маънавий салоҳият Ўзбекистон Қуролли Кучларининг икки буюк таянчига айланиши зарур. Шонли тарихимиз, буюк аждодларимиз, енгилмас саркардаларимиз жасорати, уларнинг “Билаги зўр – бирни енгар, онги ва юраги зўр эса – мингни” деган доно ўгитлари бизга айнан мана шундай ҳаётий ҳақиқатни уқтиради.
Шу маънода, ҳарбий таълим ва ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида, миллий ўзлигимиз, эзгу қадриятларимизга садоқат руҳида тарбиялаш тизимини янада такомиллаштириш барчамизнинг энг муҳим вазифамиздир.
Ўтган йили узлуксиз ҳарбий таълим тизимини жаҳон стандартлари даражасига олиб чиқиш борасида жиддий қадамлар ташланди.
Қуролли Кучлар академияси ислоҳ қилиниб, келгусида унинг ҳарбий илм-фан соҳаси локомотивига айланиши учун мустаҳкам замин яратилди. Эндиликда олий ҳарбий таълим муассасаларида ҳам янгича ёндашув ва ўқув услублари жорий этилади.
Навқирон авлодимизни бугунги ахборот маконида мавжуд таҳдидлардан ҳимоя қилиш, уларда ёт ва зарарли ғояларга қарши барқарор иммунитетни шакллантириш мақсадида давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда ёшлар, айниқса, уюшмаган ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасидаги амалий ишларимиз самарадорлигини оширишимиз зарур.
Табиийки, ушбу вазифаларни бажаришда “Халқ ва армия – бир тану бир жондир!” деган тамойилдан келиб чиқиб, ҳарбий-маъмурий секторлар ва кенг жамоатчиликнинг иштирокини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга.
Ҳурматли аскар ва сержантлар, офицер ва генераллар, Қуролли Кучларимиз хизматчилари ва фахрийлари!
Бугунги шонли айёмда мамлакатимиз тинчлиги ва хавфсизлиги йўлидаги фидокорона хизматларингиз учун барчангизга ўз номимдан, бутун халқимиз номидан чуқур миннатдорлик билдираман.
Сиз, азизларни, сизлар орқали оила аъзоларингизни Қуролли Кучларимиз ташкил этилганининг 31 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни билан яна бир бор чин қалбимдан табриклайман.
Барчангизга мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт, олижаноб ва масъулиятли хизмат вазифангизда улкан зафарлар тилайман.
Куч-ғайратингиз, шаъну шарафингиз янада зиёда бўлсин!
Эл-юртимизнинг юксак меҳри ва ишончи сизларга доимо ёр бўлсин!
Шавкат МИРЗИЁЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти,
Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони